Нейрожарроҳлик тиббиётнинг жуда нозик ва хатарли йўналиши. Чунки шифокорнинг арзимас хатоси ҳам мудҳиш фожиага сабаб бўлиши мумкин. Операция хонасида суперқаҳрамон ролига кирган нейрожарроҳга беморининг ишончи қанчалик куч беради? Унинг хатосини бемори ва яқинлари қандай қабул қилади? Гиппократ қасамини ичган, ҳаммага "таъмасиз ёрдамлашишга" ва "уларга зарар етказишдан" ўзини тийишга ваъда берган шифокорчи? Озгина эътиборсизлиги оқибатида ўлим топган ёки бир умр ногирон бўлиб қолган беморини кўрганида у кўнглидан ўтказадиган ҳисларни бошқалар тасаввур қила оладими?
Буюк британиялик тажрибали ва таниқли нейрожарроҳ Ҳенри Маршнинг "Озор берма" деб номланган китоби ҳаётий воқеалар асосида ёзилган. Унда шифокор ўзининг гоҳ қувончли, гоҳида эса қайғули якунланган жарроҳлик амалиётлари, беморлари билан боғлиқ самимий хотираларини баён этган. Йиллар давомидаги тажрибалар замирига қурилган асосий ғоя эса нафақат тиббиёт ходимларига, балки барчага бирдай асқатади. Китоб номи ҳам ёзувчининг бутун инсониятга даъвати каби янграйди.