Қўлингиздаги китобни мутолаа қилар экансиз, гўёки қаҳрамон тилидан айтилаётган сўзлар сизга бемаънидек, тутуриқсиз, жумлалар ўртасида боғлиқлик йўқдек бўлиб туюлади. Аммо ундай эмас, асар қаҳрамони ҳам сизу биздек атрофимизда яшаётган бир инсон. Бироқ у ичидаги дардларини, ички кечинмаларини рўй-рост, борича- ақлига, хаёлига нима келса, шуларни ўз ҳолича ташқарига чиқарадиган, "Одамлар нима дер экан”, дея андишага бориб ўтирмайдиган бир «сурбет», аммо том маънодаги бир ошиқ. Ошиқлик шу қадарки, шоир айтганидек, ҳам бошга ғам, ҳам кўзга нам келтирур. Ахир ишқ ошиқни не кўйга солишини ошиқларгина тушунади. Зотан, асар қаҳрамони айтмоқчики: "Севги - бироз курашмоқ ва ўрни келганида яраламоқдир!" Ҳа, қаҳрамонимиз ҳам севгида яраланган бир телба. Шу боис унинг гап-сўзлари сизга телбанамо бўлиб туюлаверади.
Аминмизки, асарни мутолаа қилиш жараёнида сиз ҳам қаҳрамондек ошиқ бўласиз, севасиз-севиласиз, ўрни келса, телба бўласиз. Ахир ишқ ўзингдан воз кечмоқ эмасми?!