Яшаш учун кураш инсонни ҳар қандай оғир шароитга мослашувчан қилиб қўяди. Дарҳақиқат, эшик тугул, бирон туйнуги бўлмаган зиндонга қамалган инсон ҳам осонгина тақдирга тан беришни истамайди. Имконсиз бўлса-да, озодлик ҳақида орзу қилади. Вақт сурати эса асирни ўзи банд этилган маконга ипсиз боғлаб қўяди. Эски орзулар ўрнига пайдо бўлган янгилари зиндон чегараси билан кифояланади. Турмуш тарзи ҳам чекланган вазиятга мослашади. Илк назарда ўта мудҳиш кўринган, кишини эркидан айирган деворлар ҳам унинг ўз уйидек қадрдон бўлиб қолади. Йиллар ўтиб чиқиш эшиги очилганида эса, инсон мазкур зиндон эндиликда ўз бошпанасига айланганини ҳис этади.
Ўзининг "Қумдаги аёл" асари билан муаллиф Кобо Абе нима демоқчи эканлигини англаш учун, китобхондан зийраклик ҳамда теран фикрлаш талаб этилади. Асар воқеалари муайян бир ҳудудда бўлиб ўтса-да, ҳар бир кичик эпизод қатида маълум бир маъно пинҳон ётади.