«1984» асарида ўтган асрнинг 80-йилларида Уммония (Англия, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия, Океания, Жанубий Африканинг умумий номи) мамлакатида ҳукм сурган сиёсий тузум ҳақида сўз боради. Ном ҳам айнан воқеалар содир бўлган йилдан келиб чиқиб танлангандек. Китобда тасвирланган ҳолатлар тарихий далиллар билан солиштириб кўрилганда эса реал макон Собиқ совет иттифоқи бўлгани, инглиз социализми тушунчаси остида коммунизм назарда тутилгани, «1984» эса тоталитар тузум авж олган палла — 1948 йил экани (шунчаки рақамларнинг ўрни алмаштирилган) ҳақида ўқувчида эҳтимол пайдо бўлади.
Оруэлл дунёсида ўқувчини жалб қиладиган нарса – асарнинг номи. Дастлаб, унинг ишчи номи «Европадаги охирги инсон» бўлганди. Роботлашаёзган Ингсоц жамиятида яшаётган, хотираси, онги, ҳиссиётларини сақлаб қолишга интилган бош қаҳрамонни ёзувчи фақат ташқи кўриниши одамсимон бўлган махлуқ эмас, чин маънодаги Инсон сифатида кўрсатишни истайди. Кучли эҳтимол билан айтиш мумкинки, роман бу номда ҳам ҳозиргидан кам шуҳрат қозонмаган бўларди.
Асар воқеалари юз берган Уммонияда ягона партия, бошқарувчи ҳокимият, жамият Кўзи мавжуд. Аммо, у ерда тирик қонунлар йўқ. Нимаики партия истакларига уйғун бўлса, шуларнинг барчаси қонуний. Унинг манфаатларига зид ҳар қандай ҳолат, хатти-ҳаракат эса ғайриқонуний. Мантиқан қаралганда, партия – кишилар жамоаси, яъни асар бир гуруҳ кишилар истаги амалга оширилиши доимо қонуний саналган Уммония ҳақида.