Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов мустақил Ватанимизнинг адабиёти ва маънавий хазинасига салмоқли ҳисса қўшган ижодкордир. Қарийб эллик йил давомида турли тилларда икки ярим миллионга яқин нусхада чоп этилган етмишдан ортиқ китоби адибни халқимизнинг ардоқли фарзандига айлантирди.
Ёзувчининг “Муҳаббат”, “Деҳқоннинг бир куни”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Ўзбек иши” каби новеллалари ўзбек ҳикоячилигида муҳим ҳодиса бўлди. Илк романи “Нур борки, соя бор” (1976) да ёзувчи ўзига замондош-тенгдош журналист Шерзоднинг кечинмалари орқали ҳаяжонли маънавий – ахлоқий масалалар билан бирга ўткир ижтимоий муаммоларни кўтарган.”Икки эшик ораси “(1986), “Тушда кечган умрлар” (1994 ) романларида Ў. Ҳошимов замондош – асрдош одамлар тақдирини 20-асрнинг энг кескин фожиавий ҳодисалари 2-жаҳон уруши ҳамда мустабид тузумнинг жинояткорона сиёсати оқибатлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил ва талқин этиш йўлидан борган.