«Бу гулистоннинг боғбонлари ғаройиб инсонлар эди. Уларнинг сардори – бош муҳаррири ўзбек адабиётининг классиги Асқад Мухтор эди. Улуғ инсон, улуғ адиб, шафқатли мураббий – у зоти шариф шаънига менинг ожиз бисотимдан муносиб сўз топилмайди. Фақат шуни илова қилмоқни жоиз биламанки, Асқад Мухтор – адабиёт моҳиятини тўғри англаган ва адабиёт хусусида фикр алмашмоқ мумкин бўлган жуда кам сонли адиблар сирасига кирарди» – давримизнинг забардаст ёзувчиларидан бири Хайриддин Султоновнинг Асқад Мухтор ҳақидаги фикрлари нақадар ҳақлигини биргина «Опа-сингиллар» мутолаасида ҳам билишингиз мумкин. Адибнинг «Охирги жадид» дея эътироф этилиши ҳам бежиз эмас. Даврнинг хавотирли мавзуларини шижоат билан ёритган ёзувчининг мазкур асари 1955 йилги нашри асосида тайёрланди.