Ушбу китоб, яъни "Рустамхон " достони ўзбек ва туркман халқ оғзаки ижодига мансуб бўлиб минг йиллар давомида халқимиз бахшилари томонидан куйланиб, халқимиз томонидан севиб тингланган.
"Рустамхон" достонининг ушбу нусхаси халқимизнинг машҳур бахшиси Фозил Йўлдош ўғли (1872-1955) томонидан куйланган ва Ҳоди Зарифов (1905-1972) томонидан ёзиб олинган, нашрга эса болаларнинг машҳур шоири Зафар Диёр (1912-1946) тайёрлаган.
"Рустамхон" достонида ўзбек халқининг азал-азалдан имон-эътиқод, ор-номус, ислом динининг ва соф муҳаббатнинг улуғланиши, ҳақиқатнинг доимо ғалаба қозониши ёрқин рангларда акс эттирилган. Сиз достонни ўқиш давомида Султонхоннинг фарсандсизлиги, унинг ўртанча хотини Ҳуройимнинг фарзандли бўлиши ҳақидаги хабардан кейин сафарга чиқиб кетиши, Рустамхоннинг туғилиши, икки кундошнинг қилган ёвузликлари, Мастон кампирнинг кирдикорлари, Рустамхоннинг онаси Ҳуройим билан бирга қилган сафари, Рустамхоннинг аждарни ўлдириши, Офтобойга уйланиши, охир-оқибат Султонхоннинг Ҳуройим ва Рустамхон билан қайта топишишига гувоҳ бўласиз.