Ватанининг мустабидлар зулмидан озод бўлишини, миллати фарзандларини шарафга тўлганлар қаторида кўришни орзулаган халқимизнинг қалби уйғоқ фарзандлари - «жадид адабиёти намояндалари» бугун яна ўз ўқувчилари билан юзлашмоқда.
Халқ маънавиятини бойитиш йўлида олиб борилган курашлар, миллий матбуот, адабиёт ва театрнинг одамлар тафаккурини оширишдаги аҳамияти ҳақида асарларида куюниб ёзган, бу борада фидойилик кўрсатган, алалоқибат қатағонга учраганлар ҳақида сўз бораркан, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Усмон Носир, Исъҳоқхон Ибрат сиймолари кўз олдимизда гавдаланади. Улар ўз асарларида кўтарган муаммолар ҳамон бизнинг қаршимизда бўй кўрсатиб турибди. Биз ҳамон «миллатни уйғотиш уйғонганларнинг вазифаси» деган чорловга муносиб жавоб қайтаролганимиз йўқ.
«Жадид адабиёти намояндалари» рукнида тайёрланган китобларимизни ўқир экан, китобхон ўзини шу ватаннинг онгли фуқароси, ватани ва миллати тақдири учун масъул инсон сифатида намоён қилишга ўзида журъат топади.