Шундай китоблар борки, уларни ўқиш урфга айланади. Шундай китоблар борки, уларни ўқиш шарт бўлади. Яна шундай китоблар борки, уларни ўқимаслик йўқотиш ҳисобланади.
Ушбу «Ҳаётнинг 48 қоидаси» – айнан ўқиш урфга айланган, зарурат бўлган, муваффақият сари олиб борадиган китоб. Чунки у атроф оламга ўткир идрок билан қарашга, ўзингиз ва бошқаларнинг заифликларни қудратга айлантира олишга, дўстларни қадрлаб, рақиблардан фойдалана билишга, фириб- найрангларни яхшилик йўлида хизмат қилдира олишга ўргатади.
Инсоният тарихи – урушлар тарихи, деган машҳур таърифни ҳамма билади. Гап инсоният тарихи ҳақида борганда, масаланинг нақадар кенг қамровли ва залвори ҳам шунга монанд бўлиши рост. Не ажабки, инсоният тарихи – найрангу фирибларнинг ҳам ўзига хос тарихини ўзида мужассам қилади, бу борада ҳам инсоният тарихи билан баравар тарзда тараққиётни намоён қилган қамров ва кўлам шуни тақозо этади.
Дунё дунё бўлибдики, шундай – яшаш учун кураш, мавқе учун зимдан ёки очиқдан-очиқ кўрилувчи саъй-ҳаракатлар маълум ижтимоий қатлам ёки оддийгина муносабатлар замирида акс этади, мужассам бўлади. Қўлингиздаги китоб – шу ҳақда. Ҳукмронлик бунда ҳам ўз маъносида, ҳам унданда кенг миқёсдаги моҳият сифатида назарда тутилади. Бунга мазкур китоб саҳифалари билан танишишингиз асносида амин бўла борасиз.