Ўзингиз ва ишингизга содиқ бўлиш катта қадриятдир. Унутманг: қадриятларни ҳимоя қилиш зарур. Ўз фикрларингизда қаттиқ туриш осон, деб сизга ҳеч ким, ҳеч қачон айтмайди, лекин ишончим комилки, бу зарур. Қолган нарсаларга келсак, нима қилаётганингиз ва ким учун қилаётганингизни қатъий аниқлаб олинг. Шунда эртами, кечми ҳар турли маънодаги бойликка эришасиз.
Ушбу китобда, назаримда, инсон муваффақиятга эришиши учун фикрларини маълум бир йўналишга етакловчи ғоялар йиғилган. Менга уларнинг фойдаси теккан. Бу асосий қоидаларим ва уларни ҳаётга татбиқ қилишнинг усулларини очиб берувчи чуқур, мулоҳазали томонимдир. Оммавий ахборот воситалари орқали яратилган образим бу алоқага киришувчан, ўзига ишонган, баъзан сурбет, аммо одатда тўғрисўз инсон. Кўпчилик чўрткесар ва дангаллигим учун ёқтиришмайди. Аммо муҳим бўлмаган нарсаларни четга суриб, асосий мақсадга тез эриша олганим учун муваффақиятлиман.