Асар бош қаҳрамони Заҳро – мактабнинг катта ўқитувчиси. Фидойи, жонкуяр, меҳнаткаш, бир сўз билан айтганда, жонсарак аёл. Заҳронинг бошлиғи, яъни маориф мудири уни ниҳоятда ҳурмат қилади, иш борасида муваффақиятларини эътироф этади, аммо ходимининг бир жиҳатини сира қабул қилолмайди: Заҳрода раҳм-шафқат, кечириш туйғуси йўқ! Бунинг сабаби балки шафқатсизлик дунёсида қолиб кетган болаликка бориб тақалар, балки бу туйғулар узун тунларда ота-онасининг жанжалларидан қўрқиб, унсиз тўкилган кўз ёшлар билан уни тарк этгандир...
Атрофдагиларни ҳайратга соладиган даражада совуққонлик билан қабул қилгани – отасининг ўлими Заҳрони кутилмаган воқеалар билан юзлаштиради. Муршид афандига тегишли алмисоқдан қолган сандиқ тубидаги эски кундалик Заҳронинг юрагида тошдай қотган хотираларни йўққа чиқаради. Бир умр нафратланиб келган отаси, бола қалби билан англагани – беайб опасининг ўлими ва шафқатсизлик қурбони бўлган онаси ҳақидаги қайдлар Заҳрога ҳақиқатнинг бўй-бастини тўлалигича намоён этади. Ҳақиқат бизга ёқмаслиги мумкин, аммо уни билишимиз керак... Айнан билмаслик Заҳрони энг олий инсоний фазилатлардан мосуво қилган эди. Ҳақиқат унга қандай таъсир қилди? Билиш учун, албатта, китоб мутолаасига киришамиз...