Ҳар инсон дунёга гуноҳдан фориғ ҳолатда келади. Бу маъсумликни болаларнинг пок чеҳраларида осонгина кўриш мумкин. У балоғатга этгунича давом этади ва кейн жавобгарлик бошланади. Инсон гуноҳлари билан юзлашади. Гуноҳ қалбларни тирнайдиган нарса бўлиб, инсон юраги гуноҳдан безовта бўлади. Илк бор ёлғон гапирган ёки ичкилик ичган киши қалбан сиқилишни ҳис қилади, аммо бу гуноҳни қилишда давом этгани сайин қалб ҳис қилишни йўқотади. Бошланишида қилдек оғирликни ҳам кўрсатадиган заргар тарозиси сингари бўлса, гуноҳга ботган сайин залварли юкка ҳам эътиборсиз бўлиб қолади.