«Нур қидириб» асарининг бош мавзуси – Покистон халқининг икки ёқлама, яъни мустамлакачилар ва маҳаллий мансабдорлар томонидан жабр-зулм остида қолганига қарши эрксевар халқ фарзандлари кураш олиб боришларидан иборат. Қиссанинг бош қаҳрамонлари – Аҳмад Ҳусайн ва Искандаро халқ озодлиги ва фаровонлиги йўлида курашиш баробарида ўз муҳаббатларига эришиш учун ҳам астойдил интилади. Аҳмад Ҳусайн моддий аҳволи танг бўлишига қарамасдан иймон-эътиқодига хилоф вазифаларда ишлашдан бош тортади. Бир-бирини қаттиқ севган Аҳмад Ҳусайн ва Искандаронинг ишқ ва муҳаббат, ғайрат ва шижоат, ўзларининг ҳам, халқнинг ҳам бахтиёр келажагига оид орзу ва умидлар билан лиммо-лим қалблари «Нур қидириб» қуёш сари талпинади...