Роман шу яқин кунлар, “бозор иқтисоди”, “глобаллашув” даври ҳаёти ва бу ҳаётнинг серпўртана, сертаҳлика, сералдов, серрўё воқеалари ва бу доғули воқеаларни ҳаракатга солган, уларни “характерли” қилган одамларни саҳнага олиб чиққан.
Роман шитоб билан ёзилган ва ўқувчи ҳам табиий шитоб билан воқеалар ичига, қаҳрамонларнинг тақдир дунёсига кириб боради.
Роман шу “бозор” замонида кўп фожиали дамлар, фожиали шўришлар, айрилиқлар, хиёнатлар, шармандаликлар, разолатларни ўз бошидан кечирган Бону деган гўзал қиз – муаллиманинг тилидан мактублар, кундаликлар, хотиралар тарзи-усулида битилган. Бу жуда интим, ўта интим ҳикояки, унга “битик” сўзи жуда мос, айни бадиий-психологик ҳодисани тўғри ифодалайди. Бону битиклари ўз ҳаёти тарихига мисоли гирдоб, мисоли саҳро қучоғи каби олиб кириб кетади. Бир инсонга берган ҳаёт, жон, тириклик эвазига Худо уни шунчалар кўп, чигал, оғирдан оғир, мушкулдан мушкул синовларга ташлайдики, “ахир бунинг маъноси нима?” – деб, киши яна энг қадим “Айюб нидоси”, Айюб сабрини эслайди ва Одам Атодан қолган экан-да бу дарду синовлар, деб ўйга толади. Гўзал Бону Айюбдан ҳам кўпроқ енгиш, чидаш, кўтариш, қарийб иложсиз синов-синоатларга дуч келади. Енгиб ўтиш, омон қолиш имконсиз бўлиб кўринган ҳолатларда у фавқулодда матонат кўрсатади. Биз “Чол ва денгиз”, “Оқ кема”, “Қиёмат”да ҳам шундай фавқулодда руҳоний қудрат касб этган матонат – эпик шоирона матонат ҳодисасига дуч келганмиз. Бону тимсоли бу инсоний матонатни яна бошқа бир улуғ ҳаракатлантирувчи куч – Орият фавқулодда қувватлантириб, фавқулодда инсоний ҳодисага айлантириб туради.
Инсон жозибаси нима эканлиги, моҳият-мазмуни нимада эканлигини биз Бону битиклари орқали юрак-онгимиз алам-номусдан хинадек эзилиб, у билан бирга доду фарёд кўтариб, у билан бирга доду фарёдимизга етолмай, кузатиб борамиз.
Гирдоб нақадар даҳшатли эканини Бону билан бирга бошдан ўтказамиз: вой-ей! Суф бу дунё – бу дунга, деб ҳайқирамиз. Бонудаги умуминсоний куч ва салиқа касб этган Орият! Номус! – миллат, инсоният миқёсида тарбияланса, ижтимоий зарурий кучга – ҳаракат ва интилишдаги кучга айланса, қанийди, деймиз. Бонунинг табиий самимияти, табиий орияти ўқувчини ром этади ва бизга ҳаракатдаги курашчанлик намунаси бўлиб туюлади.