Болалигимда зеҳнимга чўкиб қолган хотиралар уйғонди, юзага чиқди, ўша вақтдаги халқ ҳаёти кўз олдимга келди. Мана шунинг натижаси бўлиб, ўттизинчи йилларнинг ўрталарида ғам-ғусса- га тўла «Ўғри», «Томошабоғ», «Бемор», «Анор», «Миллатчилар» вужудга келди. Бу ҳикояларни кенг китобхонлар оммаси хуш қабул қилган, ҳанузгача қайта-қайта босилиб келаётган бўлса ҳам, ўша вақтлардаёқ ёш китобхоннинг эътирозига сабаб бўлди. Ёшлар ҳикояларда тасвир этилган воқеаларни ортиқ даражада муболаға деб билишарди.