Ушбу китоб АҚШда яшаб ижод этган адиб Жеймс Фенимор Купер (1789-1951) қаламига мансуб "The Pioneers, or The sources of the Susquehanna" романининг рус тили орқали (испан тилидан рус тилига Ирина Гурова, Нина Дехтеревалар "Пионеры, или У истоков Саскуиханны" номи остида таржима қилишган) Эркин Мирободов томонидан "Чингачкук фожиаси ёхуд Саскуиханна манбаларида" номи остида таржима қилинган кўринишидир.
Шуни билингки, бадиий асарни таржима қилиш (айниқса, туркий тилларга мансуб бўлмаган тилдан таржима қилиш) шу асарни қайтадан ёзиш билан тенг қийинчиликка эга. Шу тилдаги ибораларни, сўзларни, жумлаларни ёки мақол-маталларни маромига етказиб таржима қилиш жуда мушкул иш ҳисобланади.
"Чингачкук фожиаси ёхуд Саскуиханна манбаларида" асари -жаҳон адабиётининг ўлмас дурдоналаридан бири ҳисобланади ! Бу асар нафақат бадиий китоб орқали, балки юртимиз телеканалларида йилига бир неча бор берилган видеофилми орқали ҳам жуда машҳур.
Фенимор Купернинг бу романи "Кўн пайпоқ" бешлиги - пенталогиясининг тўртинчи китобидир. Асарда абжир овчи Натти Бампо билан Оливер Эдвардснинг саргузаштлари ҳамда ўрмон ёнғинидаги Чингачкукнинг фожиали ўлими акс эттирилади.
Ушбу китоб илк бор ўзбек тилида 1986 йилда чоп этилган. Бу даврдаги нашрида айрим сўз ва жумлаларнинг маъноси изоҳланмаган ёки русча сўзлар, ёки байналмилал жумлалар орқали берилган эди. Бу ҳолат билан биз таржимонларни ёки ўша давр нашриёти ходимларини камситиш фикридан йироқмиз. Фақат ҳозирги давр китобхонларининг талаб ва илтимосларига асосан асар таржимасига қўшимча иқтибослар киритилди ва асар ҳозирги ўзбек адабий тили қоидалари асосида қайта таҳрирланди.