Бу асар инсонни фикрлашга, фикрлаш орқали ўзлигини, ўзлиги орқали Ҳақни — Яратганни тушунишга ундайди. Шунинг учун ҳам «Ичиндаги ичиндадур»га бир марта ошно бўлган кўзи очиқ инсонки бор, умрбод ундан айрилмасам, дейди. Чунки асар, аввало, ўша инсон ҳақида — сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда. Бизнинг ўзлигимизни билишимиз ҳақида. Ахир оламда бундан қизиқарлироқ, бундан муҳимроқ яна нима бор? Машойихлар «Ўзини билган авлиё бўлади» дея бежиз айтишмаган. Ҳазратнинг ўзи шундай дейди: «Ривоят қиладиларки, бир подшоҳ ўғлини ҳунармандлар тўпига қўшиб қўйибди. Улар болага турли билимлардан, жумладан, илму нужумдан дарс беришибди. Шоҳ ўғли бутунлай аҳмоқ бўлгани ҳолда ўзига ўргатилган нарсаларни пухта эгаллаб олибди. Кунлардан бир кун подшоҳ уни имтиҳон қилмоқ учун ҳовучига узугини беркитиб, ўғлига «Бунда не бор?» дебди. Бола «Қўлингдаги думалоқ, сариқ ва ичи бўш нарсадир» дегач, ҳукмдор ҳайратда қолиб «Аломатларини тўғри айтдинг, исмини айт» деб буюрибди. Ўғил «Ғалвир бўлса керак» деб жавоб беради. Подшоҳ «Олган таҳсилинг шарофати билан мени ҳайрон этиб аломат — белгиларни аниқ айтинг-у, аммо ғалвирнинг ҳовучга сиғмаслигига қандай қилиб фаросатинг етмади?» деди афсус чекиб.