Викас Сварупнинг ажойиб дебют романи Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридаги қамоқхона камерасидаги саҳналар билан бошланади. Чунки асар қаҳрамони Рам Муҳаммад Томас мамлакатдаги энг катта викторина бўлмиш "Ким миллиард ютиб олади?" телешоусида 12 саволнинг барчасига тўғри жавоб бергач, шу ерга олиб келинади. Умрида мактабга бормаган, лоақал бирор газета ўқимаган камбағал етим боланинг бундай танловда ғалаба қозонишига ақл бовар қилмайди. Бироқ Рам бир қатор ҳаяжонли ҳикоялар орқали ҳаётида бошидан кечирган ҳодисалар викторина саволларига жавоб беришда қандай асқатганини адвокатига сўзлаб беради.
Викас Сварупнинг "Харобадан чиққан миллионер" асари ўзида юқори савиядаги комедия, драма ва ишқий романни мужассам этиб, нафақат арзимас нарсалар ҳақида, балки ҳаёт тўғрисидаги билимларни қандай тўплаганимизни очиб беради. Инсониятнинг қашшоқлигидан то шон-шуҳратигача бўлган йўлни босиб ўтишни кўрсатиш орқали Викас Сваруп эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашнинг калейдоскоп тасвирини тақдим этади ва шу билан бирга, тирик қолишдан бошқа танлови қолмаган бола билан нималар содир бўлишини кўрсатади.