"Унвонсиз раҳбар"- қисқа қилиб айтганда, касбий ва шахсий ҳаётдаги ҳақиқий муваффақиятга бағишланган замонавий масал. Бош қахрамон Блейк Дэвис Нью-Йоркда яшайди. У китоб дўконида ишлайди, ўз ишидан, ҳамкасбларидан ва умуман, ҳаётдан норози. Блейк ота-онасидан эрта жудо бўлган, Ироқда жанг қилган ва ҳаётнинг бу зарбаларидан ўзига ҳамон келолмайди. Кунларнинг бирида отасининг эски қадрдони Томмини учратиб қолиши, унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. Қувноқ, таваккалчи, ўзига хос бу қария Блейкни янги ҳаётга, муваффақиятларга илҳомлантиради. Томми ва Блейк бир кун мобайнида қабристон зиёратига ҳам улгурадилар ва Нью-Йорк буйлаб саёҳат қилиш учун тўрт нафар ўқитувчи билан учрашишга ҳам муваффақ бўладилар. Буларнинг барчаси Блейк учун бахтли ҳаёт ва муваффақиятли мартаба сари имкониятлар эшигини очди. Натижада, Блейк ижобий муваффақиятли шахсга айланди: ҳар бир куни мазмун ва қувончга тўла бахтли ота ва меҳрибон эр ҳамда ўз компаниясининг энг ёш вице-президенти.
Муаллифнинг фикрига кўра, етакчилик салоҳияти ҳар бир инсонда мавжуд, лекин ҳамма ҳам ундан фойдалана олмайди. Оламшумул дақиқалар учун кўпинча махсус дақиқаларни кутиб яшаймиз. Лекин бу дақиқалар кўп ҳолларда келмайди... Бунда эса бизга кўпинча ёмон тақдир, адолатсиз бошлиқлар, сиёсий вазият ва бошқа ҳолатлар айбдордек туюлади. Аслида эса, барча муаммолар ўзимизда.