Бугунги кунга қадар оила, оилавий муносабатлар тўғрисида жуда кўп ёзилган. Кимдир оилани муқаддас дея кўкларга кўтарган бўлса, яна кимдир муҳаббатни ўлдиради дея ерга урган, бошқалар эса оила ҳақида кўпдан-кўп насиҳатлар қилган.
Мен ҳам оила ҳақида ҳикоя ёзишни истадим. «Нега ҳикоя?» деб сўрайдиган бўлсангиз, шундай изоҳ беришим мумкин: мен ҳикояларнинг қудратига ишонаман. Ҳикоялар туйғуларни тиниқлаштириши, эсда қоладиган қилиши мумкин. Ҳаётий воқеалар асосида ёзилган ҳикояларимда кўпчилик ўз ҳаётига оид нимадир топишига ишонаман. Ёзганларим ўзларининг дардлари ва чоралари билан оилавий ҳаётда бахтиёрлик санъатига ҳисса қўшадиган ҳикоялар бўлиши учун уриндим.
Бу китобдаги ҳикояларда моддий муаммолар, фидокорликлар ёки йирик ҳодисалар йўқ. Ёнғин эмас, ёнғинга сабаб бўладиган учқунлар ҳақида ҳикоя ёздим. Гул эмас, гулни ундирадиган сув тўғрисида ҳикоя ёздим. Сизга манзур бўлади, деган умиддаман.
Ҳикояларимни ёзиш жараёнида жуда кўп инсонлар билан учрашдим. Самимиятлари, туйғулари ва бошдан кечирганларини мен билан ўртоқлашган ҳикояларимнинг яширин қаҳрамонларига ўз миннатдорлигимни билдираман.