"Олмос камар" романида Аброр ва Шерзоднинг маънавияти, касб, руҳият, шуурдаги курашларини, ҳаёт, жамият, оила, эл-юртга қарашлари аро зиддиятларни кўрсатиш асосига қурилган. Уларнинг иккови ҳам архитектор-янги шаҳар бунёд этувчи, уни ободонлаштирувчи мутахассис. Лекин тарбия, табиати, бурч ва масъулиятига муносабати, муҳаббатга, оилага қарашда фарқ кучли. Аброр элпарвар, адолатгўй, майдонларга кўрк беришда миллий удумларимиз, анъаналаримизга риоя қилиш тарафдори. Баҳром эса ишни ўзбошимчалик билан дўндиришга мойил. Ёзувчи уларни мураккаб кечинмалар, изтироблар, адашишлар, тўғри йўлни топа олиш натижасидаги ёниқ қувончлар ичида кўрсатади. Бу қаҳрамонлар китобхонни мустақил мушоҳада юритишга, майда андишалар гирдобига ўралиб қолмасликка, ҳаётда курашлардан қўрқмай, эл-юрт дарди билан яшашга ўргатади.