Узоқ бир йўл эмиш... Кўзимга яқин кўринаётган, каштадек нақшинкор соҳил йўли. Яшил, пушти, мовий гуллар йўл четларига зеб бериб турибди.. Улар қайтгунимча мени кутиб турадилар, деб ўйлардим. Тиканлари йўқ, тўсиқлари йўқ деб ҳисоблаганим бу йўлда кўзларим юмуқ ҳолда кетиб борардим. Ҳа, бойчечакларни кўриш учун оёқларимга қорларни ўптирганим ўша йўлда.. Қорни матонат билан ёриб чиққан бойчечакларни териш қандай мароқли, қандай гўзал эди. Қандай ёқимли эди уларни ҳидлаётгандек ҳаракат қилиш, ифорларидан баҳра олиш. Қандай мазза эди узоқдаги бойчечак томон югуриш. Ҳамма нарса кўзимга тароватли, гўзал бўлиб кўринган бу йўлда кутилмаганда ҳамма нарса саробдек йўқ бўлиб қолди. Улар ўрнига тиканлар ўсиб чиқди. Ҳаёт топишмоқлари, жумбоқлари мени тиканларни ўпишга мажбур қилди.