Ўзбек китобхонларига тақдим этилаётган ушбу роман рус ёзувчиси Ф.М. Достоевскийнинг энг йирик асарларидан бири бўлиб, у биринчи марта 1861 йили босилиб чиққан. Романда Достоевский рус подшоларининг пойтахти бўлган Петербург шаҳрининг энг қашшоқ, бахтсиз фуқаролари ҳаётини тасвирлайди, уларнинг олийжаноблигини, бузуқи князь Валковский каби катта ер эгаларининг бераҳм, очкўзлигини чукур бадиий воситалар орқали кўрсатади.