Шунда ҳам талабни қондириб бўлмади. Одамлар романни бир-бирларидан сўраб олиб ўқишга киришдилар. Кутилмаганда расмий доиралар, коммунистик мафкура ҳимоячиларининг пайтавасига қурт тушиб қолди. Улар Ремаркни ғоясизликда айблаб, унинг ижодига шиддат билан тош ота бошладилар. Ҳатто «ремаркчилик» деган машъум атама ҳам пайдо бўлди. Бу шарпа Ўзбекистонга ҳам етиб келди. Айрим танқидчи ва ёзувчиларимиз, бизга Ремарк асарлари керак эмас, бу асарлар коммунизм қураётган ёшларимизни йўлдан оздиради, деб ғавғо кўтара бошладилар. Шу туфайли унинг асарларини ўзбек тилига таржима қилишга ҳеч ким журъат этмади. Орадан қирқ йил вақт ўтди. Мана, ниҳоят, шу кунларга ҳам етиб келдик. Тарихнинг қудратли ва қайсар чархпалаги ўз ишини қилди... Энди, сизга тақдим этилаётган «Уч оғайни» романига келсак, асар қаҳрамонлари жамиятда бирор лавозим ёки нуфузга эга бўлмаган «майда» одамлар. Аммо уларнинг ҳам файласуф олимлар ва назариётчиларникига ўхшамайдиган ўз фалсафалари ва ўз мантиқлари бор. Қизиғи шундаки, биз уларнинг фикр-мулоҳазалари ёки хатти-ҳаракатларига эътироз билдиролмаймиз, аксинча, асарни ўқиш жараёнида жамият четга суриб ташлаган бу оддий одамларга ҳурматимиз ортиб боради.