Атоқли немис адиби Эрих Мария Ремарк асарлари ўзбек адабиётсеварларига бегона эмас. "Уч оғайни", "Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ", "Лиссабондаги тун", "Қора ҳайкал" романлари китобхонларнинг қалб тўрларидан жой олган, десак, муболаға бўлмас.
Мана, "Ғарбий фронт..."нинг мантиқий давоми бўлмиш "Ортга йўл" романи ҳам нашр этилди. Миллионлар ёстиғини қуритган муҳораба мавзусида қалам тебратган муаллиф ушбу асарида ҳам Биринчи жаҳон уруши ўз домига тортган ёшлар қисмати орқали уруш даҳшатларини бошдан кечирган, руҳан эзилган, жамиятдан бегоналашган ва болалик, ўсмирлик орзу-умидлари чилпарчин бўлган бутун бошли авлоднинг аянчли тақдирини маҳорат ила ёрқин бўёқларда, бор бўйича тасвирлайди.
Ишонамизки, мутолаадан сўнг асло тушкунликка тушмайсиз, билъакс, инсон энг оғир шароитларда ҳам ожиз қолмаслигига, барчаси инсоннинг руҳияти, маънавий дунёси ҳамда иродасига боғлиқлигига ишончингиз ортади, адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги тасаввурларингиз яна бир поғона кўтарилади. Агар таъбир жоиз бўлса, "Ортга йўл" ўқувчини "тишни тишга қўйиб, муштни тугиб-тугиб, чидаб-чидаб яшаш"га ўргатади.