«Денгизчи тепаликка секин чиқаркан, асабийлашиб титрай бошлади. Ҳафта бурун ўзи кўмган ўрага яқин ерда, унгурлар қаршисида тўхтаб, тиз чўкди. Орадан бир дақиқа ўтмай, унинг боши эгилган томонда, унгур ичидан икки қўл чиқди. Сўнг қўллар ўз танаси чиқишига ёрдамлашди. Ҳеч қанча ўтмай ер остидан қора кийимли, белларида қилич осилган беш жангчи пайдо бўлди. Жангчилардан бири яқинлашиб, чўккалаганча денгизчининг елкасига қўл қўйди ва у соҳибининг оёқларидан ўпди. Унга яна бир кун яшашга имкон берилди. Денгизчи юзини кўтармай, бошини чангалзор томон бурди. Ўзини тутиб тура олмай, дарага тушиб кетаётган жангчилар ортидан қаради ва ҳар доим даҳшат ичра кўрганига шоҳид бўлди. Соҳиблари гўё тирик одамдек одимлаб боришар, уларни тирик, дейиш ҳам мумкин эди-ю, бир нарса бунга монелик қиларди: уларнинг боши йўқ эди. Бошсиз таналарни эса тирик одамлар, деб бўлмасди...»
Талабларга биноан, фантастик ва ноодатий воқеалар, тасвирлар, сирли ва чигал жиноятларни ўзида акс этган яна бир детектив асар ёш ижодкор Даврон Султоновдан Сиз азиз ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда. Сир-синоатларга бой .Марҳумлар ороли романи воқеалари ҳам сизга таниш бўлган «Афсонавий кўзгу»даги Натландия мамлакатида рўй беради. Хўш, ғайритабиий жиноятларни машҳур изқувар билан фош этишга тайёрмисиз? Унда китобнинг биринчи қисмини варақлашга киришамиз.