«Агар ёзувчининг китоблари барқарор ва яхши сотилаётган бўлса, унинг интервью ва сўзбоши ёзишига ҳожат йўқ, танқидчилар нима дейишидан хавотирланишга ҳам сабаб йўқ», деган эди британиялик машҳур ёзувчи, детектив асарлар устаси Жеймс Хедли Чейз. Дарҳақиқат, у фаолиятида мазкур сўзларига мос равишда ҳаракат қилди. Ҳаракатлари самараси ўлароқ ёзувчининг кўплаб асарлари - классик детектив қиссалари ҳамда саргузашт романлари дунё юзини кўрди ва ўқувчилар қалбидан жой олди. Айниқса, унинг 93та детектив романи кўплаб тилларга ўгирилди ва минглаб тиражларда сотилди.
«Венеция миссияси» муаллифнинг ана шундай кўп ва хўп сотилган детектив асарларидан. Китоб мутолааси давомида ўқувчи қаҳрамон билан саргузаштларга бой машаққатли саёҳатга отланади, душманларга қарши курашишда уни қалбан кўллаб - қувватлайди, хатарли онларда қайғуради, кулгили саҳналарда кўнгил ёзади.