Инсон ўзига берилган неъматлар учун ҳар дам, ҳар он шукрона келтириб яшаши керак. Аслида ҳар бир инсон бахтлидир, бироқ орамизда ўз бахтини англолмай яшаётганлар ҳам борлиги ҳисобига бу ҳақиқат ҳар доим англашилавермайди. Кечаги кун ўтди, эртанги кун орзу, бугунимиз эса Роббимиздан бизга бир инъомдир. Нега бу инъомдан гўзал тарзда фойдаланмаслигимиз керак? Беш дақиқа кейин бу ҳаётда бормизми-йўқмизми - билмаймиз, шундай экан, ҳозироқ - шу лаҳзада бахтни ҳис қилишимиз жоиз эмасми?
Ҳаётимизда рўй берган оғриқли воқеаларни ҳар гал эслар эканмиз, уларни яна яшаб ўтган каби тушкунликка тушамиз, вужудимиз кимёси ўзгаради. Бу ҳолат биздан соғлигимизни тортиб олади. Демак, айни дамларда яшайлик, ўтмиш ғамлари ёди билан эмас. Шукр, сабр, кенгфеъллик, хотиржамлик ва ибрат билан умр кечирайлик!