Чўпон йигит Сантьягонинг саргузаштлари, Кичкина Шаҳзоданинг бошдан ўтказганлари, оқчарлоқ Жонатан Ливингстоннинг кўрган-кечирганлари ёдингиздадир? Мана, қўлингизда яна бир ўзни ва ўзгани англаш ҳақида ғаройиб асар турибди.
Китоб муаллифи таниқли турк ёзувчиси Сердар Ўзкан, ёш бўлишига қарамай, дунё китобхонларининг кўнглидан жой олиб улгурди, десак, муболаға бўлмас. Сердар Ўзкан миллионлаб нусхаларда нашр этилаётган асарларида маданиятлар тўқнашувига урғу берса-да, ўз қаҳрамонларига инсон ўлароқ ёндашади, турли минтақа вакилларининг фарқли ва ўхшаш жихатларини ҳар хил ракурсларда кўрсатади, уларнинг изтиробларию ташвишларини ёрқин бўёқларда тасвирлайди.
"Туркларнинг Кичкина Шаҳзодаси" деб аталаётган Сердар Ўзканнинг айтишича, унинг илк романи - “Ғойиб бўлган атиргул" нинг ғояси Шарқ одами учун бегона ҳисобланмиш "сеҳрли диёр" да ўқиб юрган кезларида пайдо бўлган экан.
Мазкур асар кишининг ҳаёлига ҳам келмайдиган чуқур кечинмалар ҳамда нозик руҳий тасвирлар ила, нафис афсона, теран ҳикмат ва гўзал эртак қоришиқларида ҳикоя қилинади. Китоб қалб амрига қулоқ солиш ва ваҳимаю хавотирлар чангалидан халос бўлиш ҳақида. Эҳтимолки, энг қийин дақиқаларда руҳий хотиржамликка эришишингизда кўмак бериши мумкиндир.
Гарчи китоб жиддий мавзуда битилган эса-да, тили ширалиги туфайли енгил, бир нафасда ўқилади. Ўзингизни қийнаётган саволларга жавоб топиш йўлида сизга ҳамроҳ бўла олади. Бунинг учун эса қалб саёҳатига йўл олишингиз лозим бўлади. Зеро, "Ичингиздаги ичингиздадир".