Нақд пул аллақачон эскилик сарқитига айлангани кўпчилигимизга сир эмас. Бироқ пластик картанинг даври ҳам ўтганини биласизми? Тўлов тизимлари ва банк соҳасида инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда. Келажакда маҳсулот сотиб олиш учун ғиштдай келадиган ҳамёнимизни чиқариб, банкноталарни санаб ўтирмаймиз, ҳатто чўнтагимиздаги картани кассирга узатишга ҳам ҳожат бўлмайди. Эҳтимол, телефонимиздаги илова ҳам керак бўлмас. Унда қандай тўлов қиламиз?
Бу ва бошқа кўплаб саволларга Бретт Кингнинг «Банк 4.0» китоби батафсил жавоб беради. Китоб бизни янги воқелик ва унинг ақл бовар қилмас истиқболлари билан таништиради. «Банк 4.0» нафақат молия ҳақида сўзлайди, унда келажагимизнинг фантастик фильмларга ўхшаш ёрқин манзараси тасвирланган. Эътиборлиси, Бретт Кинг тилга олган ўзгаришлар асло хом-хаёл эмас, ахир кўпи аллақачон амалга ошмоқда. Дунё тарихда кузатилмаган шиддат билан янгиланар экан, рақобатда ютқизмаслик учун бу эврилишлар моҳиятини тушуниш керак. Ушбу моҳият «Банк 4.0»да ранг-баранг мисоллар билан ёритилган.