Ўзига ибодат қилишдан сўнг энг суюкли амал бўлган ота-онага яхшилик қилишга амр этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, набиййимиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!
Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғимидир. Оила нечоғли мустаҳкам, тинч-осойишта, ҳалолу пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Гуркираб тараққий топади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўзаро меҳру оқибат бўлмаса, ўша жамият ҳам бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади.
Оиланинг бахту саодати, мустаҳкамлиги, оила аъзоларининг ўзаро меҳру оқибатли, аҳил-иноқ бўлишлари эса, ана шу оиланинг таянчи ва устуни бўлмиш эру хотин, яъни ота-онага, аниқроғи, кўпроқ отага боғлиқ бўлади. Чунки инсонларнинг бахту саодатга чўмиб яшашлари учун уларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашга буюрган Зот оилада айнан эркакларни раҳбар бўлишларини ирода қилди. Ота бўлиш Аллоҳ таоло бандасига берадиган неъматлари ичра энг буюк неъмат ва улкан шарафдир. Айниқса, илк бор «ота» деган номга сазовор бўлган инсон сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган бахтиёрликни ҳис қилади. Албатта, бу хурсандчилик бошланиши, холос. Лекин бу бахтиёрлик қанчалик ҳақиқатга айланиши, киши ўзини ота сифатида нечоғли бахтиёр ҳис қила олиши, аввало, ўзига боғлиқ эканини эсдан чиқармаслиги лозим.
Шу билан бирга, оталик жуда катта ва ўта жиддий масъулият ҳамдир. Банда ўзига етган ҳар бир неъматга шукр қилиши лозим. Ҳақиқий шукр эса ана шу неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Демак, фарзанд неъматининг ҳақиқий шукри, уни Аллоҳ ва Расулини танийдиган, ҳалолу пок, иймон-эътиқодли, ахлоқ-одобли, солиҳ ва солиҳа қилиб тарбия қилиш билан амалга ошади.