Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романини ўзбек ва қардош халқларнинг бир қанча адиблари ўзлари учун маҳорат мактаби, деб билганлар. Асардаги чуқур психологик таҳлил намуналаридан, характер ва ҳолат яратиш усулларидан, сюжет ва композицион яхлитликка эришиш йўлларидан, айниқса, бадиий тилнинг жозиб товланишидан сабоқ олганлар ва олмоқдалар. Роман яратилган пайтидан буён адабиётшуносликнинг диққат марказидан тушмай, ҳали-ҳамон қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Асарнинг ғоявий-бадиий хусусиятларйни жиддий ва батафсил таҳлил қилган адабиётшунослар О. Шарафиддинов, М. Қўшжонов, У. Норматов, В. Смирнова, М. Султонова ишлари, нафақат қаҳҳоршуносликнинг, балки ўзбек романшунослигининг ҳам салмоқли ютуқлари бўлиб қолди. Бироқ «Сароб»га оид мақолаларда романнинг ёзилиш тарихи, муаллифни бу ишга жазм этишида ҳал қилувчи рол ўйнаган сабаблар ҳақида бир-бирини такрорловчи тахминий мулоҳазалардан нарига ўтилмаган. Хусусан, ушбу масала кўтарилганида адабиётшуносларимиз А. Қаҳҳорнинг «Бир хатга жавоб»идаги қуйидаги қисқа изоҳни келтиришади: «30-йилларнинг бошларида тақдир мени буржўа миллатчиларига рўпара қилди, булар менинг нафрат ва ғазабимни қўзғатди, яъни мувозанатимни бузди. Мен ўзимда уйғонган бу туйғуни бошқаларда ҳам уйғотишга енгиб бўлмас хоҳиш сездим. Бунинг натижаси бўлиб «Сароб» романи вужудга келди».