Мазкур китоб 2017 йилда нашр этилган "Шахс имижи" рисоласининг иккинчи, қайта ишланган ва тўлдирилган шаклидир. Биринчи нашр китобхонлар назарига тушиб, илиқ фикрлар билдирилди. Шу боис китоб қайта ишланиб, эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
Ушбу рисола ўз қиёфасига бошқалар нигоҳи билан қарашни хоҳлаган ва имиж яратиш истагида бўлган барча китобхонларга мўлжалланган. Имиж инсонни жамиятга тақдим этадиган ва ўзгаларга таъсир ўтказишга хизмат қиладиган восита - таъсир технологиясидир. Сиз уни аслингизга мос, гўзалликка монанд бир тарзда шакллантира олсангиз, ҳар қандай мақсадга эришишда имижингиздан самарали фойдаланиш имконига эга бўласиз. Чунки одамлар аслиятингизга қараб эмас, улар тасаввурида яратган қиёфангизга қараб сизга баҳо беришади. Жозибадор имиж яратиш мақсадида бўлсангиз, ҳаёт тарзингизни, феъл-атворингизни, хулқингизни ва муомалангизни "кўзгу"га солиб, аслиятингизни гўзаллаштиришга жазм қиласиз.
Китоб мавзуга доир хорижий ва миллий манбаларга асосланган ҳамда муаллиф кузатишларига таянган ҳолда яратилган. Энг муҳими, ҳар бир сўз юракдан ўтказилиб қоғозга туширилган.